пятница, 7 марта 2014 г.

ВАҚТ


Вақт Ўзингсан қалбимга малҳам,
Хатоларим изин ёпгувчи.
Битган ярам чокин бир тилиб,
Хатойимга хато қўшгувчи.

Вақт ўзингсан олий бир ҳакам
Кимдан қандай ҳислат топгувчи
Дону дунни ғалвирдан элаб
Ҳасу чангдан фориғ этгувчи.

Вақт ўзингсан шифобахш зулук
Дард оғриғин сўриб олгувчи
Надоматда қолган вужуднинг
Юрагига қувонч солгувчи

Вақт ўзингсан тез оқар дарё
Лоқайдларни ҳалок этгувчи
Умр қайиғин измингга солиб
Манзилига олиб боргувчи.


ИККИ ҚИРҒОҚ УЧУН ТИКЛАНГАН КЎПРИК


Кулгингиз...
Қалбим самосида берганда садо
Ором берур дилга қувонч нафаси
Қаро зулматимни парчалаб буткул
Жон қушин тарк этгай қайғу қафаси.

Севгингиз...
Узилай деб турган япроққа умид
Айлагай мурувват, хазон бўлгунча
Ишқи шабнам ила қонган меҳрингиз
Қуриган бутоқда ундиргай ғунча

Рашкингиз...
Ўчаётган чўғга пуркалган ҳаво
Мудраётган ҳислар бўлгайдир сергак
Вафо, сенинг билан мустаҳкам, абад
Икки қирғоқ учун тикланган кўприк.